Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32

Жиззах тарихи

Барчага аёнки, миллий ғурур ва дахлдорлик ҳиссининг асосий заминларидан бири бу – тарихий хотирадир. Ифтихор билан таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Андижон ва бошқа кўплаб қадимий шаҳарлари бой тарих  ва кўҳна маданиятга эга эканлигини жаҳоннинг барча йирик тарихчи олимлари бирдек эътироф этадилар.

Уларнинг орасида Жиззах алоҳида мавқеда туради. Марказий Осиёдан ўтган деярли барча карвон йўлларининг туташган нуқтасида жойлашган Жиззах тарихда жуда кўп суронли воқеаларнинг гувоҳи бўлган. Бу кўҳна шаҳар ҳамма замонларда ҳам стратегик жиҳатдан ўта муҳим аҳамият касб этган.

Сангзор, Киропол ва Газо

Жиззахнинг пайдо бўлиши Сангзор дарёси билан боғлиқ. Яъни Сангзор дарёси бўйидаги ҳар томонлама қулай табиий шароитлар аҳоли яшайдиган кўплаб манзилгоҳларнинг вужудга келишига сабаб бўлган. Жиззах шаҳар сифатида X асрдан маълум бўлса-да, бу ҳудудда милоддан аввалги асрларда ҳам турли қалъа ва бошқа турдаги манзилгоҳларнинг мавжуд бўлганлиги тарихдан маълум. Бу маълумотларни Буюк Искандар Зулқарнайн (Александр Македонский)нинг Осиёга юришларини тавсифлаб ёзиб борган юнон солномачиларининг асарларида ўқишимиз мумкин. Қадимги юнон солномачилари Искандарнинг Бақтрия ва Сўғдиёнага қилган юришларини тавсифлар экан, ҳозирги Жиззах вилояти ҳудудидаги Киропол ва Газо каби манзилгоҳлар ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларни келтирадилар. Тарихчи олимлар томонидан Киропол ҳозирги Зомин ҳудудида жойлашганлиги исботланган. Айрим тарихий манбаларда Газонинг Самарқанд ва Тошкент оралиғида жойлашганлиги айтиб ўтилган. Газо қалъасининг қаерда жойлашганлиги хусусида  деярли барча олимлар бир хил фикрни тахмин қилишади. Уларнинг фикрича, юнон солномачилари томонидан тилга олинган Газо  ҳозирги Жиззах шаҳридир.

 

 Искандар босқини

Искандар Зулқарнайн босқини даврида Газо нисбатан паст девор билан ўраб олинган қалъа бўлган. Буюк саркарда қалъани ишғол қилишга киришади. Газо аҳолиси бир мунча вақт босқинчиларга бўйсунмай қалъани ҳимоя қиладилар. Юнон пиёда аскарлари нарвонлар ёрдамида Газо қалъасининг ичига киришга муваффақ бўладилар. Искандар қўшинлари қалъага кириш вақтида «тўсувчи ўт» (душман йўлини кесиш учун тинимсиз ўққа тутиб туриш) тактикасидан фойдаланган. Аниқроқ қилиб айтганда, пиёда аскарлар нарвонлар билан қалъага яқинлашиб келаётган вақтда камон, найза ва палахмон билан қуролланган бир қисм юнон-македон аскарлари қалъа деворлари устида турган Ватан ҳимоячиларини уриб тушириб турадилар. Душман катта қийинчилик билан деворларга тиришиб-тирмашиб чиқиб, қалъа ичига кириб олади ва деярли барчани қириб ташлайди.

                                                           Дизак – «Кичик қалъа»

Жиззах Бақтрия ва Сўғдиёна каби қадимий давлатлар таркибига кирувчи аҳоли яшайдиган муҳим манзиллардан бири бўлган. Олимларнинг фикрича, «Жиззах» деган ном сўғдийча «Дизак» («кичик қалъа») сўзидан келиб чиққан. Ёзма манбаларда шаҳар XX асрнинг бошларигача «Дизак» ёки «Дизах» деб юритилган. Маҳаллий халқ орасида эса асосан «Жиззах» номи ишлатилган. 

«Жиззах» сўзининг маъноси ҳақида яна бир неча илмий ва ноилмий фикрлар мавжуд. Масалан, айрим олимлар «Жиззах» сўзининг келиб чиқишини оҳактош билан боғлайдилар. Маълумки, Жиззах яқинидаги кўплаб оҳак конлари қадимдан мавжуд бўлган. Буюк Ипак йўли орқали Жиззахда тўхтаган савдогарлар ўчоқ сифатида ерда ётган тошлардан фойдаланганлар. Гулханни сув билан ўчирганда тошлар жизиллаб, оқ тусга кирган. Айнан шуни асос қилиб, айрим олимлар «Жиззах» сўзини суғдийча –«жизз» ва туркийча – «оқ» сўзларининг бирикишидан келиб чиққан деб ҳисоблайдилар. Юқоридагилардан ташқари, «Жиззах» сўзининг келиб чиқишини бу юртнинг иқлими билан боғлайдиганлар ҳам бор. Жиззахнинг ёзи жуда иссиқ, қиши эса анчагина совуқ бўлади. Яъни, ёзда «жиз»иллатиб куйдиради, қишда эса «зах»да қоласан.     

Х аср. Мирасманда – жаҳон бозори

Жиззах ёзма манбаларда шаҳар сифатида илк бор араб сайёҳлари Абулқосим Муҳаммад ибн Ҳавкал ва Шамсиддин Абу Абдуллоҳ ал-Муқадасийларнинг асарларида Уструшонанинг Факнон вилоятидаги шаҳар сифатида тилга олинади. X асрнинг машҳур географи ва саёҳатчиси Ибн Ҳавкал 960-970 йилларда араб давлатларининг айғоқчиси сифатида кўплаб юртларни, хусусан ватанимизни ҳам кезиб чиқади ва ўзининг оламга машҳур бўлган «Йўллар ва мамлакатлар китоби»ни ёзиб қолдиради. Бу қимматли манбада қадимий Жиззах ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган.  

VII-XII асрларда, яъни мўғуллар истилосига қадар Жиззах шаҳри гуллаб яшнаган. Бу шаҳарда қишлоқ хўжалиги, савдо, ҳунармандчилик яхшигина ривожланган. Жиззах яқинидаги Мирасманда деган жой жаҳон бозори вазифасини ўтаган. Бу халқаро бозорда жун газламалар ва кийимлар, ипак, турли заргарлик ва металл буюмлари сотилган. Мирасманда бозорида минтақада машҳур бўлган Уструшона нефрити ҳам сотилган. Тарихчи  Ибн Ҳавкалнинг ёзишича, бу ҳудудда рудани қазиб олиш ва уни қайта ишлаш яхшигина йўлга қўйилган бўлиб, Жиззах ҳунармандлари томонидан тайёрланган металл буюмлар Хуросон ва Эронда кенг тарқалган.

                                Қайроқтошли Хўжа Ғазғон мақбараси ва бошқа мозорлар

Жиззах манзилгоҳ сифатида араблар истилосидан аввал ҳам мавжуд бўлган. Бунинг яққол исботи Жиззахдаги «Хўжағазиён» (Хўжа Ғазғон) қабристонидир. Бу қадимий қабристон  V-VI асрларда, яъни араблар истилосидан илгари ҳам мавжуд эди. «Хўжағазиён»га ҳозир ҳам майитлар қўйилади. Бу қабристондаги Хўжа Ғазғон ва Турк Тўғон мақбараларини Жиззах эли азал-азалдан зиёрат қилиб келади. Хўжа Ғазғон қабри устида ажойиб қайроқтош туради. Қайроқтош кесувчи қуролларни чархлаш учун мўлжалланган. Халқ орасида «ғазғон» сўзи «ғозий» сўзидан, яъни «забт этувчи», «урушувчи»  сўзларидан олинганлигини таъкидлайдиганлар бор. Бундан араблар истилоси даврида Хўжа Ғаз­ғон Жиззахни босиб олишда иштирок этган ҳамда ислом динини Жиззахга олиб келган шахс бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Шунингдек, бу кўҳна мозорда тарихий аҳамиятга эга бўлган «Бешиктош» ҳам мавжуд. Бешиктошга арабий ёзувлар битилган. Афсуски, тарихчи олимларимиз томонидан  Хўжа Ғазғон, Турк Тўғон каби азиз авлиёлар, хусусан Жиззахдаги Қулфисар ота, Бобо Якка, Қавс ота, Малики аждар, Оқтош авлиё ва бошқа кўплаб зиёратгоҳлар етарлича ўрганилмаган. Юқорида тилга олинган бешиктошдаги ёзувларни ҳам ҳалигача ўқиб ўрганишга муваффақ бўлмадик.

Умуман олганда, Жиззах шаҳри ҳудудида қадимий қабристонлар талайгина. Жиззахда оқсуяк табақа, яъни хўжа ва эшонлар қадимдан истиқомат қилиб келаётган «Хўжа кўча»да (халқ орасида «Хўжалик кўча») XVI асрда ташкил этилган «Хўжамозор» қабристони мавжуд. Бу мозорга улуғ инсонлар қўйилган. Жиззахдаги қадимий қабристонларга XII асрда ташкил этилган «Тошкентлик» мозорини ҳам киритиш мумкин. Қадимги Жиззахда ҳар бир маҳалланинг алоҳида мозори, масжиди ва мактаблари бўлган. Бугунги кунда, нисбатан кичик қабристонларнинг кўпчилиги бузилиб кетган.

Кўплаб савдо карвонлари ўтганлиги боис араблар даврида Жиззах бозор шаҳар сифатида хизмат қилган. Бу ҳудудда кўплаб работ (савдо йўлларидаги мустаҳкамланган манзил, карвонсарой)лар қурилади. Работлар одатда  шаҳарнинг саройи (арки) ёки шаҳристони атрофига қурилган. Жиззахда шаҳар саройи Ўрда деб аталган. XI-XII асрларга келиб работлар Марказий Осиё шаҳарларининг мустаҳкам қисмига айланган.

Бобурнинг эътирофи

Жиззах ўзининг шонли тарихи давомида сомонийлар, қорахонийлар,  хоразмшоҳлар, темурийлар, Бухоро хонлиги ва амирлиги, шунингдек, Чор Россияси таркибида бўлган. Кўҳна Жиззах ўзининг серунум ерлари, бетакрор табиати, хилма-хил бойликлари ҳамда  стратегик жиҳатдан  муҳим жуғрофий жойлашуви билан доимо чет эл босқинчиларининг диққат марказида бўлиб келган. Лекин ҳеч қачон шаҳар дарвозалари босқинчиларга осонлик билан очиб берилмаган, ҳамиша ёвга қарши мардонавор кураш олиб борилган. Шу боис Жиззах бир неча бор инқирозга учраган, вайрон бўлган. Бироқ бу қадимий шаҳар-қўрғон қайта ва қайта тикланган. 

Темурийлар даврида Жиззахда иқтисодий ва маданий ҳаёт бир мунча жонланиб, бу даврда шаҳарда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ишлари ривожланган. XVI асрнинг бошларида Жиззахда меҳмон бўлган ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, тарихчи олим, машҳур темурий ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида қуйидаги сатрларни ёзиб қолдирган:

«Кеч намози дигар Илон ўтида тушуб, от ўлтуруб этини шишлаб (шилиб), кабоб қилиб, отни лаҳза тиндуриб отландук. Тонгдин бурунроқХалилия кентига келиб туштук, Халилиядан Дизак келинди, ул фурсатта Дизакта Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдойнинг ўғли Тоҳир дўлдой эди. Семиз этлар ва майда этмаклар арзон, чучук қовунлар ва яхши узумлар фаровон. Андоқусраттин мундоқарзонлиқва андоқбалияттин мундоқамонлиққа келдук.

Ваҳму  усраттин амоне топтуқ,

Янги жон тоза жаҳоне топтуқ.

Ўлум дағдағаси хотирдин раф бўлиб, очлиғ шиддати элдин даф бўлди. Умрумизда мунча фароғат қилмайдур эдук. Муддатул-умр амонлиғва арзонлиғқадрини мунча билмайдур эдук... Уч-тўрт кун Дизакда истироҳатқилдук. Андин сўнг Ўратепа сари азимат қилдук».

 

 Абдуллахоннинг тошга нақшлаган жангги 

XVI-XIX асрларда Жиззах қалъаларига кўплаб ҳужумлар уюштирилган. Шайбонийлар даврида Жиззах ҳудудидаги асосий мудофаа истеҳкомларининг деярли барчаси вайрон этилади. Масалан, 1571 йилда Жиззах яқинидаги «Илон ўтди» дарасида Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II қўшини билан ака-укалар бўлган Дашти қипчоқ хони Бобохон ва Тошкент ҳокими Дарвешхонларнинг биргаликдаги қўшини ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтади. Жанг тафсилотларини Темур дарвозаси қояларига битилган битикларда ўқиш мумкин. Бу тарихий жанг Жиззах шаҳрига талайгина талафотлар келтирган. Умуман олганда, XVI – XIX асрларда  Жиззах ҳудудида бўлиб ўтган ўзаро урушлар шаҳарнинг иқтисодий ва маданий ҳаётига жиддий салбий таъсир ўтказади.

Маҳалла ва гузарлар

Шаҳар ва унинг атрофида кўплаб маҳалла ва гузарлар касб ва ҳунармандлар номига Кулоллик, Кўнчилик, Заргарлик, Совунгарлик, Қассоблик каби номлар билан ёки маҳалладагиларнинг келиб чиққан жойи номи билан Мулканлик, Яхтанлик, Саройлик, Тошкентлик, Нижонлик, Хавастлик, Раваллиқ, Ўратепалик каби номлар билан аталган. Қўшни Тожикистоннинг ҳозирги Истаравшан (Ўратепа) шаҳри атрофларида Мулкан, Яхтан, Нижон каби қишлоқлар ҳозир ҳам бор. Бу Жиззах билан Ўратепа ўртасида қадимдан иқтисодий ва маданий алоқалар мавжуд бўлганлигини англатади. 

«Жиззахлик» маҳалласи вакиллари ўзларини шаҳарнинг туб аҳолиси деб ҳисоблайдилар. Жиззахдаги айрим манзилгоҳлар муайян табақа вакилларига атаб «Эшон кўча», «Хўжа қишлоқ», «Қаландархона» деб ҳам юритилган. XIX асрнинг 60-йилларида Жиззах шаҳрининг аҳолиси 20 минг киши атрофида бўлган.

Адабиёт

Шаҳарнинг Қаландархона маҳалласида туғилган Муҳаммад Ризонинг (1801–1877) мунозара шаклидаги шеърлари ҳамда опа-сингил Муаззамхон ва Муаттархонларнинг ғазаллари Жиззахда ҳам кўплаб адабиёт ихлосмандлари бўлганлигидан далолат беради. Ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўлган машҳур шоир Турди Фароғийнинг Жиззах шаҳрида яшаганлиги ҳам бунга мисол бўла олади.

 

 


фильмы бесплатно
Фойдали ҳаволалар